Jump to content

Ядро қуроли

From Vikipediya

Ядро қуроли — шикастлаш воситаси ядро зарядидан иборат бўлган қурол. Ядро реаксияси натижасида вужудга келадиган портлаш (атом ядросининг заррачаларга бўлиниши), заррачалар синтези ёки иккала жараённинг бир вақтда содир бўлиши вақтида ажралиб чиқадиган ички энергиядан фойдаланишга асосланган ядро бомбаси, уни нишонга етказиш воситаси (ракета, торпеда, самолёт, артиллерия тўпи) ва бомбанинг нишонга аниқ бориб тушишини таъминлайдиган бошқариш қурилмаларидан иборат. Ядро қуроли ядро энергиясининг олиниш усулига қараб, ядро ва термоядро (водород) қуролларига бўлинади. Ядро ўқдориларига авиация бомбалари, артиллерия снарядлари, ракеталарнинг жанговор қисмлари, денгиз торпедалари, сув ости бомбалари ва миналари (атом фугаслари) киради. Ядро қуроли зарб тўлқини, ёруғлик нурланиши, сингувчи радиация ва радиоактив заҳарлаш ва бошқалар турли шикастлантирувчи таъсирларга эга. Ядро снарядларининг қуввати тротил эквиваленти билан тонна, килотонна (1 кт — 1000 т) ёки мегатонна (1 Мт— 1 млн. т) ларда ўлчанади. Ядро қуроли қувватига қараб, кичик қувватли (15 кт гача); ўртача қувватли (15—100 кт), катта қувватли (100—500 кт), жуда катта қувватли (500 кт дан юқори) қуролларга бўлинади. Ядро қуроли ҳавода, ер (сув) устида, ер (сув) остида портлаши мумкин (яна қаранг Ядро портлаши). Ядро қуроли тактик ва стратегик жиҳатдан фаркланади. Тактик қуролларга турли масофага учувчи бошқариладиган ва бошқарилмайдиган реактив снарядлар (ракеталар), самолётлар, сув ости кемалари, шунингдек, ядро заряди ташувчи йирик калибрли стволли артиллерия киради. Тактик ва стратегик қуроллар ўртасида кескин чегара йўқ, баъзи шароитларда тактик мақсадлар учун мўлжаллаган ядро зарядлари стратегик жаҳатдан ҳам қўлланилиши мумкин. Йирик стратегик нишонларни шикастлантириш учун мўлжалланган ядронинг жанговар қисмлари 1—5 млн. т (ҳатто 40—50 млн. т гача) тротил эквивалентига эга бўлиши мумкин.

Стратегик ядро қуролларини элтувчилар узоққа учувчи ракеталар, қитъалараро баллистик ракеталар, самолёцнарядлар ва стратегик бомбардимончи самолётлардир. Қудратли ядро зарядларини нишонга элтишда Ернинг сунъий йўлдошларидан фойдаланиш режаси ҳам бор.

Ядровий қурол 20-асрда ядро физикасининг тараққий этиши муносабати билан 40-йиллар бошида пайдо бўлди. Биринчи портлаш 1945-йил 16-июлда Аламогодро полигонида (АҚСҲ) амалга оширилди. 1945-йил август ойида эса ҳар бирининг қуввати 20 кт бўлган 2 атом бомбаси Япониянинг Хиросима (6-август) ва Нагасаки (9-август) шаҳриларига ташланди. Собиқ СССР да термоядро бомбаси биринчи марта 1953-йил 12-августда синаб кўрилди. Ядро қуролига эга бўлган давлатлар АҚСҲ, Россия, Буюк Британия, Франсия, Хитой (расмий маълумотларга кўра) (2005). Япония, Ҳиндистон,Покистон,Исроилда ҳам бор деб тахмин қилинмоқда.

Яна қаранг[edit | edit source]

Манбалар[edit | edit source]